Раметовга «Derin Denis» қўшиқнинг муаллифидан розилик олиш шартлиги уқтирилди

Жорий йилнинг 21 июнь куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу хақда «Ўзбекконцерт» ДМ ахборот хизмати хабар берди.

Кенгашда 7 нафар хонанда томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, хонанда Азиз Раметов ижро этган «Derin Denis» деб (турк тилида) номланган қўшиғининг мусиқаси атрофлича муҳокама этилиб, А.Раметов айнан уни турк тилида ижро этгани учун қўшиқнинг муаллифидан розилик олиш шартлиги уқтирилди. Унга ишланган видеоклипдаги тасвирларда миллий менталитетимизга мос бўлмаган хатти-ҳаракатлар, беўхшов ва бехаё қилиқлар, маънавиятимизга зид ҳолатларнинг тасвири, оммавий маданият тарғиботининг кучлилиги, ёшларнинг онгини заҳарловчи ғоялар илгари сурилгани боис бир овоздан ушбу клип рад этилди. Хонанда А.Раметовга ушбу қўшиқ учун муаллифдан рухсат ва қайтадан клип олиш тавсия этилди.

Хонанда Ҳусан Тожимирзаев ижро этган «Лайли» қўшиғига ишланган видеоклип бошланишида диалогида сўзларнинг ножоиз ишлатилгани айтиб ўтилди ва кўрсатилган камчиликларни бартараф этилганидан сўнг, Кенгашга қайта тақдим этилиши таъкидланди.

Хонанда Худоёр Алимов томонидан «Ишқ» деб номланган видеоклипнинг шеър матни, ижроси ва мусиқаси жиҳатидан талабга жавоб бериши, клипда бадиий яхлитлик ўз ифодасини топгани боис эфирга узатишга тавсия берилди.

Хонанда Сабина Маматқулова ижро этган «Орзу» қўшиқ матни шеърият талабларига мутлақо жавоб бермаслиги, клип мазмуни билан қўшиқ мазмунида уйғунлик йўқлиги туфайли бу видеоклип ҳам Кенгаш аъзолари томонидан рад этилди.

Хонанда Аброр Азизов куйлаган «Дўст» қўшиғига ишланган видеоклипдаги тасвирлар ниҳоятда ғализ ва беўхшов, қўшиқ матнига тасвир воситаларининг зидлиги, қолаверса, клипдаги диалоглар бачкана сўзлардан иборатлиги боис рад этилди.

Хонанда Наврўз Собиров ижро этган «Ботти-ботти» кўшиғи матни жиҳатидан жуда ғариб ва саёзлиги, қўшиқда Ғарбга тақлид кучли эканлиги, миллийликдан узоқ, қадриятларимизга мутлақо зид тасвирлар мавжудлиги эътироф этилиб, ушбу видеоклип ҳам рад этилди.

Шу ўринда, Кенгаш аъзолари томонидан Муассаса масъулларига клипмейкерлар фаолиятини танқидий ўрганиб, тегишли идоралар билан қайта кўриб чиқиш, клипмейкерлар томонидан хонандаларга қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплардаги қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий даражасига алоҳида эътибор қаратишини, шунингдек, одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи ҳолатларнинг олдини олишга эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

%d bloggers like this: