Нима учун кофеин хотирани яхшилайди?

Америка олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар қаҳванинг маълумотларни яхшироқ эслаб қолишга ёрдам беришини исботлади.

Жон Хопкинс Университети тадқиқотчилар гуруҳи тажрибада иштирок этиш учун 100 дан ортиқ одамларни тўплади. Иштирокчиларга бир-бири билан боғлиқ бўлмаган, масалан резина ўрдакча, саксофон ёки тўрт баргли беда суратларини эслаб қолиш ҳақида топшириқ берилди.

Кейин баъзи иштирокчиларга 200 мг лик кофеин таблеткалари, баъзиларига эса оддий зарарсиз таблеткалар тарқатилди ва уйларига рухсат берилди. Эртаси куни иштирокчиларга янги топшириқ берилди: янги суратларни томоша қилиш ва уларнинг ичида нечтаси кечаги, нечтаси эса янги эканлигини аниқлаш.

Кеча кофеин таблеткаси олган иштирокчилар сезиларсиз ўзгаришли янги суратларни зарарсиз таблетка олган иштирокчиларга қараганда яхшироқ ажратиб олди. Масалан, агар янги суратдаги резина ўрдакчанинг занжирсимон ёпқичи бўлса-ю илгари кўрсатилган суратда у бўлмаган бўлса, кофеин қабул қилганлар бу янги сурат эканлигини дарров пайқади. Оддий таблетка қабул қилган иштирокчилар эса ўзгаришни сезмади ва бу кечаги сурат эканлигини таъкидлади.

Иштирокчиларга кофеинни камроқ миқдорда бериб кўрилганда, бу ижобий таъсир йўқолгани кузатилди. Қатнашчиларга кофеин бевосита имтиҳон олдидан берилганда ҳам бу ижобий таъсир пайдо бўлмади.

Тадқиқот муаллифлари кофеин нима учун маълумотларни яхшироқ эсда сақлаб қолишга ёрдам берганини охиригача аниқлай олгани йўқ. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун олимлар бошқа, каттароқ миқёсдаги тажрибалар ўтказишни режалаштирмоқда.

Ҳозирча эса қаҳвани севувчилар бу тетиклаштирувчи ичимлик уларга ишда ва ўқишда ҳам ёрдам беришидан бемалол қувониши мумкин.

Манба: Daryo.uz

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

%d bloggers like this: